Европа бозорига чарм-пойабзал маҳсулотлар экспорти учун имкониятлар янада кенгаймоқда

28.02.2023

Европа бозорига чарм-пойабзал маҳсулотлар экспорти учун имкониятлар янада кенгаймоқда

Ўзбекистон 2021 йилнинг апрелидан буён ЕИнинг GSP+ преференциялари бенефициари мақомига эришди. Айнан ушбу имконият сабаб, бугун мамлакатимиз тадбиркорлари 6200 турдаги маҳсулотларни Европа бозорига етказиб бермоқда. Хусусан, чарм-пойабзал ва мўйна саноатидан 10 турдаги маҳсулотлар мазкур бозорларга кириб борди. "Ўзчармсаноат" уюшмасининг 2023 йилдаги экспортни ривожлантириш стратегиясида ЕИга йўналтирилган маҳсулотлар турини 30 тага, экспорт ҳажмини 700 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу мақсадларга эришишда эса, албатта, дунёда тан олинган халқаро стандартларни мамлакатимиз корхоналарида жорий қилиш ва сертификатларни қўлга киритиш зарур. Бир йиллик музокаралар, аудит текширувлари, корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири ва бошқарувдаги самарадорлик таҳлилидан сўнг "Ўзчармсаноат" уюшмаси бирйўла дунёдаги энг йирик халқаро сертификатлаштириш ташкилотлари саналган SLF ва LWGга аъзоликка қабул қилинди. Бу ўз навбатида уюшмага аъзо корхоналарнинг нафақат Европа, балки дунёнинг исталган нуқтасида эркин савдони амалга оширишларига имкон яратади. Шунингдек, ушбу сертификатларнинг қўлга киритилиши халқаро бозорда Ўзбекистон маҳсулотларининг тан олинганлик даражасини англатади. 

Хўш, аслида SLF ва LWG қандай сертификатлар, уларнинг ўзбек корхоналарига таъсири қандай?

 "Leather Working Group" - чарм корхоналарининг экологияга таъсирини баҳоловчи комплекс ташкилотдир. Бугунги кунда жаҳон бўйлаб 1300 дан ортиқ корхоналарга ушбу сертификат тақдим этилган. Чарм корхоналар, реагентлар ва технология ишлаб чиқарувчилар, чармни қайта ишлаш корхоналари айнан ушбу сертификатни қўлга киритишга ҳаракат қилади. Боиси, бу уларнинг халқаро бозордаги нуфузини оширади. Мазкур сертификатни қўлга киритиш орқали корхоналар жаҳон бозорида ҳеч иккиланишларсиз харидор топишлари мумкин. Бугунги кунда жаҳон чарм бозорининг 25% ини ташкилот қамраб олган. Эндиликда ана шу корхоналар сафида "Ўзчармсаноат" уюшмаси ҳам бор. Бир йил ичида 70 та тамойил асосида аудит текширувлари олиб борилди. Халқаро ташкилот делегациясининг Ўзбекистонга ташрифлари амалга оширилди. Музокаралар ва муҳокамалар якуни билан сертификат қўлга киритилди. 

"Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбариятининг Буюк Британияга амалга оширган ташрифи чоғида ушбу халқаро сертификат тантанали топширилди. Эндиликда мамлакатимиз корхоналари бирин-кетин ушбу халқаро сертификатни қўлга киритиш юзасидан аудит текширувлари ва атроф-муҳитга таъсир мезонларига оид баҳолашлардан сўнг ушбу ишонч белгисини қабул қилиб олишади.

“Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбариятининг туманли Альбионга амалга оширган ташрифи чоғида яна бир муҳим халқаро сертификат ҳам қўлга киритилди. Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Бирлашган қиролликдаги халқаро сертификатлаштириш ташкилоти (SLF) ижрочи директори Дебора Тайлер билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда мамлакатимиз корхоналарини ушбу ташкилотга аъзо қилиш ва уларда бошқарув менежментини жорий қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди.

 SLF - чармни қайта ишлаш ва тайёрлаш йўналишида экология, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ва иқтисодий тамойилларнинг бажарилишини баҳолаб борувчи йирик халқаро сертификатлаштириш ташкилоти саналади. Айнан ушбу ташкилот сертификатини қўлга киритиш бу мазкур корхоналар Буюк Британия ва ЕИ талаб этадиган барча стандартларга тўлиқ мослигини англатади. Бугунги кунда ташкилотга 200 дан ортиқ корхоналар аъзодир.

 SLF рўйхатини Ўзбекистон корхоналари билан бойитиш, ўзимизнинг завод ва фабрикалардаги бошқарув менежментини ЕИ стандартларига мослаштириш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, халқаро сертификатнинг талаблари жорий этиладиган Ўзбекистон корхоналари тўғрисида батафсил ташкилот директорига маълумот тақдим этилди.

Мазкур сертификатни қабул қилувчи Сурхондарёдаги “Top Quality Brand”, Тошкент вилоятидаги “Angren Charm Invest”, "Peng Sheng Charm", "Hamkor Nur-Savdo" корхоналарининг техник параметрлари, маҳсулотлар сифати, бошқарув менежменти тўғрисида фикр алмашилди. Халқаро ташкилот мазкур корхонамизни аудит ва техник назоратлар якунига етгач аъзоликка қабул қилади. Тўлиқ халқаро сертификатларни тақдим этиш бошланади.

“Ўзбекистон президентининг бугун мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, ЕИ бозорларига миллий маҳсулотларни жадал киритиш борасидаги стратегияси қувонарли ҳолат. Биз айнан ушбу ижобий ўзгаришлар сабаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга шаймиз. Тақдим этаётган халқаро сертификатларимиз мамлакатингиз корхоналари ЕИ бозорига кириб боришига кўмаклашади. Бу борадаги ишларни бошлаганмиз”, — деб таъкидлади мулоқотда SLF ижрочи директори Дебора Тайлер.

Музокаралар якунида олти ой давомида ташкилот томонидан ўтказилган бошқарув менежменти таҳлили натижалари билан SLF ташкилоти “Ўзчармсаноат” уюшмасига халқаро сертификатни топширди. Эндиликда Уюшма ташаббуси билан маҳаллий чарм-пойабзал корхоналаримиз халқаро сертификатларни қабул қилиб олишни бошлайди.

Шунингдек, Буюк Британия сафари давомида халқаро мўйна федерацияси (IFF) ижрочи директори Киран Маҳмуд билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув чоғида халқаро ташкилот ва "Ўзчармсаноат" уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масаласи атрофлича муҳокама қилиб олинди. IFF томонидан Ўзбекистоннинг қоракўл терисидан тайёрланган маҳсулотларига катта қизиқиш билдирилди. Халқаро бозорда ўзбек брендларини танитиш бўйича қатор таклифлар киритилди. Бундан ташқари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган мўйна ва қоракўл маҳсулотларини халқаро аукционларга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. 

Халқаро тери ишлаб чиқарувчилар кенгаши ҳамда "Leather UK" уюшмаси ижрочи директори билан бўлиб ўтган мулоқотларда эса мамлакатимиз чарм маҳсулотларини Буюк Британия ва ЕИ бозоридан ташқари халқаро майдонда ҳам танитиш ва олиб кириш бўйича ҳуқуқий кўмак кўрсатиш масаласи кўриб чиқилди. "Ўзчармсаноат" уюшмаси 2018 йилдан буён мазкур халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади. Мазкур ҳамкорлик натижасида бугунги кунда маҳаллий корхоналаримиз ЕИ бозорига самарали кириб бормоқда. Бундан буён ҳам бу алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бугун "Ўзчармсаноат" уюшмаси таълим соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни кенгайтириб келмоқда. Жумладан Буюк Британиянинг "Northempton" университети билан талабалар алмашинуви дастурини амалга ошириш баробарида корхоналаримиздаги мутахассисларни ҳам малакасини ошириш бўйича қисқа ўқув дастурларини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Мақсад халқаро стандартлар асосида маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва кадрлар малакасини жаҳон талабларига етказишдир.

 Айнан ушбу икки халқаро сертификат яқин икки йил ичида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" ёрлиғи остидаги чарм-пойабзал маҳсулотларини дунёнинг энг ривожланган давлатларида танитади. Йўлга қўйилган халқаро ҳамкорликлар эса мамлакатимиз чарм саноати жаҳон талабларга тўла мос келиши ва чет эл тажрибаси соҳага тарғиб қилинганининг ёрқин исботидир.

Uzcharmsanoat