“Ўзчармсаноат” уюшмасининг марказий апарати ҳамда ҳудудий бошқармалар иштирокида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолиги мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатига қандай манфаатларни келтиради ҳамда қайси шартларда соҳа корхоналари бу интеграцияга тайёр туриши лозимлиги юзасидан ўқув семинари ташкил этилди.
Ўқув семинарида Уюшманинг Фарғона, Самарқанд, Наманган вилоятлари бошқармалари томонидан мамлакатимизнинг ЕОИИга аъзолиги чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғига таъсири, иттифоқга аъзоликнинг иқтисодий афзалликлари ва соҳа корхоналари олдида турган мухим вазифлар хусусида тайёрланган тахлилий материаллари муҳокама этилди.
Шунингдек, Уюшманинг ташқи иқтисодий фаолият ва экспортни рағбатлантириш бошқармаси томонидан тайёрланган маълумотлар ўқув семинари иштирокчиларига тақдим этилди.
Қайд этилганидек, бугунги шиддатли глобаллушув шароити жаҳон мамлакатлари ўртасида юз бераётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий тенденциялари – халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур тадқиқ этиш лозимлигини тақозо этмоқда. Бу ўринда миллий иқтисодиётлар олдида жаҳон ҳамжамиятига самарали интеграциялашувни чуқурлаштириш орқали ташқи иқтисодий сиёсатни доимий такомиллаштириб бориш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро экспертларнинг фикрича, иқтисодий интеграция миллий иқтисодиётларнинг иқтисодий ўсишига таъсир кўрсатувчи динамик ривожланувчи жараёндир.
Шу маънода, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашишга, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ҳам боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, МДҲ доирасида савдо-иқтисодий муносабатларни иқтисодий интеграциянинг муҳим кўриниши ҳисобланган ягона божхона иттифоқи доирасида ривожлантириш, унинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўқув семинари якунида ЕОИИга аъзолик соҳа корхоналари учун қандай талабларни қўйиши ва ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида тарқатма материаллар тайёрланиши бўйича қарор қабул қилинди.
Uzcharmsanoat