Давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган бир гуруҳ хотин-қизларимиз Францияда малака оширди.

14.11.2023

Давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган бир гуруҳ хотин-қизларимиз Францияда малака оширди.

Давлатимиз раҳбарининг ПФ-87-сон Фармонига мувофиқ, ҳар йили “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курсларида 100 нафар хотин-қизларни ўқитиш ва улар орасидан энг салоҳиятли кадрларни илғор хорижий давлатларда стажировка ўташини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси, Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Франциянинг Давлат хизмати миллий институти (Institut National du Service Public, INSP) билан ҳамкорликда “Лидер аёллар” стажировка дастури ишлаб чиқилди.
Стажировка дастурида иштирок этиш учун “Раҳбар аёллар мактаби”да таҳсил олган ва самарали фаолияти учун Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар тавсия этилди. 
Дастур давомида лидерлик моҳияти ва кенг тарқалган гендер стереотиплари, “лидерлик режими”га ўтиш учун кўникмаларни ривожлантириш, давлат инновацион лойиҳаларида аёл раҳбарларнинг ўрни каби мавзуларда амалий машғулотлар ташкил этилди. 
Шунингдек, Дастур иштирокчилари раҳбарлик лавозимларига кўтарилиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш юзасидан ўз стратегиясини ишлаб чиқиши, ўрганилган тажриба асосида аёл давлат хизматчиларига мўлжалланган йўл харитаси ишлаб чиқиши белгиланган.

Uzcharmsanoat