(+99871) 2079555

“ЎЗЧАРМСАНОАТ” УЮШМАСИ ВА “БЕЛЛЕГПРОМ” КОНЦЕРНИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Чоп этилган сана: 02 June 2021

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Беларусь Республикасининг “Беллегпром” давлат концерни ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Унда Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, “Беллегпром” давлат концерни раиси, беларуслик тадбиркорлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари иштирок этди. Учрашувда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишлари муҳокама этилди.

Учрашув аввалида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти Беларусь томонига мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғининг ривожланиш тенденциялари, соҳага давлат томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди. Шунингдек, сўнгги йилларда тармоқда эришилган ютуқлар бўйича ахборот берилди. Меҳмонлар бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш жараёнларининг бориши, янги инвестициявий лойиҳалар, ташкил этилган кластерлар фаолияти, экспорт кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар билан атрофлича танишди.

Делегация аъзолари ўз навбатида айни йўналишда Беларусда амалга оширилаётган ишлар ва ривожланиш жараёнлари тўғрисида Уюшма вакилларига маълумотлар тақдим этди. Учрашувда бу йўналишда икки томонлама ҳамкорликни янада кергайтириш учун етарлича салоҳит ва имконият борлиги такидланди.


“Беллегпром” давлат концерни раиси Т.А.Лугина Беларусь томони ўзбекистонлик чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш, муҳандис-технологларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласида амалий кўмак кўрсатишга, бундан ташқари, ихтисослаштирилган лабораториялар ташкил этиш ва чарм маҳсулотларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаштириш борасида ҳамкорликка тайёр эканликларини қайд этди.

“МПКО” очиқ акциядорлик жамияти бош муҳандиси корхоналарни технологик янгилаш борасида Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш масаласида ўз таклифларини билдирди. Хусусан, мазкур компания ўз корхонасининг тозалаш иншоатларини модернизация ва реконструкция қилиш арафасида турибди. У ўз сўзи давомида мазкур жараёнларда тажриба алмашиши учун ўзбекистонлик мутахассисларни Беларусга ташриф буюришга таклиф этди.

Учрашувда муҳокама этилган яна бир мавзу ўзбекистонлик мигрантлар Беларусь Республикасида ишлашлари учун қулай шароитларни яратиш борасида Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари раҳбарияти бошчилигида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш масаласи бўлди. Делегация аъзолари Ўзбекистон фуқароларининг Беларусдаги корхоналарда қонуний ишлашлари учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш борасида ҳамкорлик қилиш кўмаклашишга тайёрлигини билдиришди. 

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари эса мамлакатимизда хориж фуқароларини ишга жойлаштириш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва ҳамкорлик бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумотлар тақдим этиб, бу ўз навбатида чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари кесимида ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Хорижда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг малакасини ошириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди. (Маълумот учун: айни вақтда Ўзбекистондаги мавжуд махсус марказлар ва коллежларда 3 000 дан ортиқ мутахассислар тайёрланмоқда.) 

Икки томонлама учрашув якунида келгусидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олиш бўйича беларусь компаниялари ва ўзбекистонлик тадбиркорлар вакиллари билан муҳокаралар, В2В форматидаги учрашувлр ўтказишга келишиб олинди. Делегация аъзолари мамлакатимиздаги чарм-пойабазал ва мўйначилик корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией