(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

ЎЗБЕКИСТОНДА МАХСУС ПОЙАБЗАЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ «COMFORT LEATHER SHOES» МЧЖ КОРХОНАСИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

Чоп этилган сана: 08 November 2019

Ўзбекистон чарм-пойабзал тармоғининг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири бу махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш ҳисобланади. Замонавий корхона ходимларининг махсус кийимида албатта пойабзаллар ҳар доим мухим аҳамиятга эга бўлган. Бунинг боиси, ушбу турдаги пойабзаллар меҳнат фаолиятини олиб борувчи ходимларнинг саломатлиги ва иш унумдорлиги ҳамда меҳнат муҳофазасини таъминлайди.

Шунинг учун мустаҳкам, сифатли ва хавфсиз махсус пойабзалларга корхона ва ташкилотлар томонидан кўплаб буюртманомалар келиб тушмоқда. Махсус пойабзаллар қурилиш, тоғ-кон, саноатнинг бошқа бир қатор тармоқлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган ишчи, ходимларни, энг аввало, механик таъсирлардан ҳимоя қилса, иккинчидан уларнинг ҳар қандай мураккаб технологик шароитда ишлаши учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда “Ўзчармсаноат” уюшмаси таркибида 30 дан ортиқ ана шундай махсус пойабзалларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари самарали ва тизимли асосда фаолият юритмоқда. Тошкент шаҳридаги "COMFORT LEATHER SHOES" МЧЖ корхонаси замонавий махсус пойабзални ишлаб чиқариш билан шуғулланишни бошлади ва бундай хўжалик юритувчи субъектларнинг сони яна биттага кўпайди.

Мазкур корхона табиий чармдан махсус пойабзал ва тагликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ишлаб чиқариш қувватида тайёрланаётган пойабзалларнинг ўзига хос хусусиятлари шундаки, бундай пойабзаллар анча юқори ва жуда паст ҳароратдаги об-ҳаво шароитларига чидамлилиги билан ажралиб туради. Оёқ кийимлар -30+50 даражагача бўлган температурада ҳам ўз сифатини йўқотмайди ва бунинг натижасида ушбу пойабзаллар ишлаб чиқариш цехларида, тоғ-кон корхоналарининг шахталарида ва умуман, экстремал об-ҳаво шароитларда ишловчилар учун жуда қулай ва мос ҳисобланади.

Корхонадаги илғор технологиялар Хитой Халқ Республикасининг соҳага ихтисослашган етакчи компанияларидан келтирилган. Маҳсулотлар маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилади. Пойабзал тагликларини қуйиш хам шу ернинг ўзида амалга оширилади.

«COMFORT LEATHER SHOES» МЧЖ корхонасида йилига 120 минг жуфт махсус пойабзал ишлаб чиқарилади. Айни вақтда бу корхонада 25 нафар малакали ходимлар фаолият олиб бормоқда.

Мазкур хўжалик юритувчи субъекти томонидан келгуси йилда ишчилар сонини янада ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини мунтазам ошириб бориш орқали Ўзбекистоннинг ички бозоридаги истеъмолчилар учун сифатли маҳсулотларни тўлиқ етказиб бериш ҳамда тайёрланаётган махсус пойабзалларни МДҲ давлатлари экспорт қилиш режалаштирилган.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией