(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОНДА ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ МАҲСУЛОТЛАРИГА АСЛЛИК ЁРЛИҒИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ РЕЖАЛАШТИРИЛМОҚДА

Чоп этилган сана: 18 Май 2021

Пойабзал сотиб олиш учун савдо дўконига кирган харидор аксар ҳолларда ҳимоясиз қолади. Бир томонда “Ҳақиқий Италия сифати”, бошқа томонда эса “Хорижнинг асл пойабзаллари”... Афсуски, бу каби ахборотларнинг ҳақиқийлигини текшириш қийин. Харидор асосан савдогарнинг сўзигагина ишонади, холос. 

Эндиликда ҳар бир пойабзалнинг сифати ва асллик даражасини аниқлаш имкони Ўзбекистонда ҳам жорий этилиши кутилмоқда.

Шу мақсадда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, “СRPT Turon” МЧЖ томонидан чарм-пойабзал маҳсулотлари учун асллик белгиси миллий тизимини жорий қилиш бўйича ушбу Уюшмага аъзо 100 дан ортиқ корхоналар учун онлайн мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда қайд этилганидек, пойабзалларни маркалаш тизими Европада бундан ўн йил олдин бошланган. Айни вақтда ушбу тизим ўз самарасини бериб келмоқда. Россия эса 2018 йилдан маҳсулотларни рақамли маркалаш тизимига ўтган. Ўзбекистонда эса 2021 йилнинг 1 январидан Асллик белгиси миллий тизими жорий қилиниб, айни вақтда икки турдаги маҳсулотлар рақамли тарзда маркаланмоқда. Келгусида айнан пойабзалларни ҳам ушбу тизим орқали штрихлаш кўзда тутилган.


“CRPT Turon” МЧЖ рақамли иқтисодиётда экспертлик ва технологик кўмак бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мақсад эса истеъмолчи, бизнес ва давлат ўртасида ягона манфаатли алоқаларни жорий қилишдир. Айнан “ASL BELGISI” миллий тизими мамлакатимизда сохта ва контрафакт маҳсулотларнинг камайишига олиб келади. Ҳар бир штрих код маҳсулотнинг сифат ва асллигини белгиловчи омил саналади. 

Маҳсулотларни рақамли маркалаш нима беради? Бу энг аввало харидор учун маҳсулотнинг асллик белгисини, у ишлаб чиқарилган давлат, мазкур маҳсулот учун қўлланилган хом ашё, саломатлик учун таъсири, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотларни бемалол кузатиш имконини беради.

Тадбиркорлар ушбу тизимидан фойдаланиши эса пойабзал ишлаб чиқаришда сифатга алоҳида эътибор қаратиш, ўз брендини ҳимоя қилиш имконини беради. Шунингдек, айни бренднинг сифатсиз контрафакт аналоглари республикамизга олиб кирилиши ва олиб чиқилиши устидан қатъий назорат кучайтирилади. Бу эса ўз навабатида тармоқда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради, сифатли маҳсулотларнинг кўпайишига олиб келади.


Учрашувда “CRPT Turon” МЧЖ мутахассислари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси вакиллари соҳа тадбиркорларига айнан рақамли маркалаш жараёни, талаб этиладиган ҳужжатлар тўғрисида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, рақамли маркалаш тизимини ўз маҳсулотларига нисбатан қўллаш истагидаги тадбиркорларга миллий тизимдан рўйҳатдан ўтиш тартиби тушунтирилди. Давлат солиқ қўмитасининг вакилларининг маълумотларида таъкидланишича, пойабзалларни рақамли маркалаш солиқ тушумлари ва даромад солиқларини ҳисоблаш борасидаги жараёнларда ҳам тадбиркорга ҳам, давлатга қўшимча катта имкониятлар яратади.

Учрашув якунида ишлаб чиқарувчи корхоналарни қизиқтирган саволларига атрофлича жавб берилди. Шунингдек, рақамли маркалаш жараёнини амалга ошириш бўйича тегишли хулосалар ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией