(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОН ВА ПОКИСТОН:ЯНГИ САРМОЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР МУҲОКАМАСИ

Чоп этилган сана: 11 Декабрь 2020

“Ўзчармсаноат” уюшмаси, Инсвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги вакиллари чарм-пойабзал соҳасида янги қўшма корхона очиш масаласини муҳокама қилишди.

Покистоннинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири саналган “Nova Leather” Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал тармоғига инвестиция киритиш ва чарм маҳсулотларини Покистонга импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, “Nova Leather” Покистондаги энг йирик чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорти билан шуғулланувчи компания саналади. Ўзининг сифатли маҳсулотлари ва замонавий ишлаб чиқариш цехлари билан дунёга танилган. Корхона 30 йилдан ортиқ фаолияти давомида чарм маҳсулотларини тайёрлаш борасида Покистон Ислом Республикасининг учта йирик компанияларидан бири мақомига эришган. Компания маҳсулотларининг асосий экспорт бозори Европа Иттифоқи, Россия, Шимолий Америка ҳисобланади. “Nova Leathers” Испаниянинг “Zara”, Россиянинг “Снежная Королева” брендларининг чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ягона компанияси саналади. Ташкилотнинг дизайнерлар гуруҳи замонавий кийим-кечак ва аксессуарлар моделларни яратиш борасида ҳам етакчи саналади. Маҳсулотлар тўлиқ “LWG” стандарти асосида тайёрланади.

Мулоқот аввалида “Ўзчармсаноат” уюшмаси вакиллари Покистон компаниясига бугунги кунда Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.


“Nova Leathers” компанияси вакиллари ҳам ўз ўрнида Ўзбекистондан қўй ва эчки терисини импорт қилиш, мамлакатимизда янги қўшма корхона очишга қизиқиш билдираётганликларини маълум қилишди.

Шунингдек, “Nova Leathers” Ўзбекистондан терининг “вет-блю” кўринишадиги хом ашёсини Покистонга импорт қилишни ҳам мақсад қилган. Тармоқдаги бозор таҳлил қилинганда, ҳозирги кунда Покистонда “вет-блю”ни хорижга экспорт қилишга чеклов ўрнатилган. Экспорт қилинган тақдирда 30 фоиз божхона божини тўлаш талаб этилади. Агар Ўзбекистондан МДҲга бу хом ашё экспорт қилинса, 5 фоиз божхона божи олинади. Бу эса Покистон компанияси учун молиявий томондан фойдалидир. 

Учрашув давомида “Nova Leathers” компанияси вакиллари билан Наманган вилоятида янги корхонани очиш ва маҳсулотларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бу борада “Ўзчармсаноат” уюшмаси ташкилий ва амалий томондан кўмакка тайёр эканлиги билдириб ўтилди, шунингдек, Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан ер ажратиш борасида ёрдам кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Фарғона водийсида чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш анча ривожланган. Бу борада етарлича тажриба тўпланган. Инфратузилма ва ер майдонлари мавжуд. Ишчи кучи етарли. Шу сабабли ва томонларнинг қўшимча фикр алмашувлари натижасига кўра, айнан Наманганда янги қўшма корхонани очиш самарали эканлиги қайд этилди.

Учрашув сўнгида “Nova Lеathers” компанияси вакиллари тез кунларда Ўзбекистонга келишлари, юқорида таъкидланган корхона учун ажратиладиган ер майдони ва инфратузилма билан танишиш ҳамда ташкилий масалаларни биргаликда кўриб чиқиш борасида келишиб олинди

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией