(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОН-ПОРТУГАЛИЯ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ

Чоп этилган сана: 29 March 2021

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган, мамлакатимизнинг Франция ва Португалия билан алоқаларини ривожлантириш юзасидан жорий йил март-апрели ойлари учун белгиланган ишлар режасига асосан, Ўзбекистон ва Португалия ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи бўлиб ўтган онлайн-мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. 

Видеоконференция алоқаси шаклида бўлиб ўтган учрашувда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси ҳамда Португалия ташқи савдо ва инвестиция агентлиги – “AICEP Portugal Global”, Португалия саноат уюшмаси (AIP) вакиллари иштирок этди. 


Онлайн-мулоқот аввалида “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғи ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳанинг инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Португалия ташқи савдо ва инвестиция агентлиги раиси Луиш Филип де Кастро Энрикес мазкур ташкилотнинг вазифалари ва имкониятлари тўғрисида учрашув иштирокчиларига маълумот тақдим этди.

Маълумот учун, AICEP Portugal Global давлат ташкилоти саналади. Асосий вазифаси Португалия бизнесини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик миқёсида хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишдир. Шунингдек, инвестицияларни жалб этиш ва хорижга йўналтириш бўйича хизматлар кўрсатиш, хуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда ишончли алоқаларни топиш билан шуғулланади. Инвестиция лойиҳаларни ишга туширишда бевосита иштирок этади. 


“AICEP Portugal Global”нинг асосий вазифаларидан яна бири ҳамкорликка доир хужжатларни ишлаб чиқишда зарур бўладиган маркетинг маълумотларини тайёрлаш билан шуғулланиш ҳисобланади.

Онлайн мулоқотда Португалия томони ҳамкорлик учун қулай соҳаларни чуқурроқ ўрганиш ва истиқболли лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш мақсадида экспертлар миссиясини Ўзбекистонга юборишни режалаштираётганини маълум қилди. Ташриф якуни билан португалиялик инвесторларга “Йўл харитаси” тақдим этилади.


Мулоқотнинг яна бир иштирокчиси – Португалия саноат уюшмаси раҳбари Хорхе Паис такидлаганидек, “AIP” Португалиядаги энг йирик кўп тармоқли бизнес-уюшмадир. Ташкилот асосан Португалия компаниялари ва ташкилотларига техник, иқтисодий, тижорий каби кўплаб йўналишларда ўз хизматларини кўрсатади, шунингдек, уларни ривожлантириш бўйича махсус режалар ишлаб чиқади.

Томонлар икки мамлакат вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш учун ҳар икки тарафда имкониятлар етарли даражада истиқболли эканлигини, бугунги каби ишончли мулоқотлар ва амалий ҳаракатлар ҳамкорлик кўрсаткичларини янада яхшилашга асос бўлишини якдил равишда эътироф этдилар. Шу ўринда самарали амалий қадамлар натижадорлигига мисол сифатида кейинги даврларда яратилган шарт-шароитлар ва амалга оширилган саъй-ҳаракатлар боис “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоси –  “Nafis Charm” ХКИ МЧЖ томонидан чарм маҳсулотлари Португалия резиденти бўлмиш компанияга барқарор равишда, Европа бозорига хос нисбатан юқори сифатда ва шунга яраша баҳоларда экспорт қилиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтиш мумкин.


Онлайн-учрашувда чарм-пойабзал, шунингдек, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа тармоқлар бўйича Португалия вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, Лиссабонда икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Португалия ўртасида бизнес делегациялар ташрифини ташкил қилиш, ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини юзма-юз муҳокама қилиб олиш бўйича қарор қабул қилдилар.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией