(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОН-ПОРТУГАЛИЯ: ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ ТАРМОҒИДА МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК

Чоп этилган сана: 20 Май 2021

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Португалиянинг “AICEP Portugal Global” инвестиция ва ташқи савдо агентлиги, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида “AICEP” директорлар кенгаши маслаҳатчиси жаноб Луи Ребело де Соуз эътиборига мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғининг имкониятлари ва сўнги йилларда эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот тақдим этилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида олиб борилаётган модернизация жараёнлари, янги сармоявий лойиҳалар, тармоқда ташкил этилган кластерлар ва соҳанинг экспорт кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Учрашув давомида томонлар чарм-пойабзал ва мўйначилик йўналишида Португалия компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш масаласида фикр алмашишди. Шунингдек, хориж компанияларига мамлакатимизда яратилган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида ахборот ва тушунтиришлар берилди.

Уюшма раҳбарияти Португалия томонига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр чармни етказиб бериш, аутсорсинг асосида пойабзаллар ишлаб чиқариш бўйича ўз таклифларини билдирди. Қайд этиш керак, айнан ушбу йўналишдаги ҳамкорликдан Португалия томони ҳам катта манфаат кўради. Боиси, Ўзбекистонда тайёрланган пойабзаллар сифат жиҳатидан Европа компаниялариникидан қолишмайди. Шунингдек, муҳим омил – нархлар масаласида ҳам мамлакатимиз корхоналарининг устунлиги бор. Маълумки, Ўзбекистон айни вақтда яқин хориж мамлакатлари учун чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғи хабига айланиб бормоқда.

Қайд этиш керакки, айни вақтда Ўзбекистон ва Португалия ўртасида бу йўналишда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоси – “Nafis Charm” МЧЖ Европа стандартларга жавоб берувчи  маҳсулотларини Португулия компанияларига етказиб беришни йўлга қўйган.

Ўз навбатида мулоқотда Португалия томони ҳам ўзбек томонига “AICEP Portugal Global” ташкилотининг фаолияти ва вазифалари ҳақида тақдимот ўтказди. “AICEP Portugal Global” бу давлат ташкилоти бўлиб, Португалия бизнесини қўллаб-қувватлаш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида кўмаклашади, халқаро ҳамкорлик бўйича ўз консультацияларини олиб боради, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва уни амалга оширишга кўмаклашади.

Учрашув якунида "Ўзчармсаноат" уюшмаси ва “AICEP Portugal Global” ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией