(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОН-ГЕРМАНИЯ: ЯНГИ САРМОЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР МУҲОКАМАСИ БОШЛАНДИ

Чоп этилган сана: 12 Январь 2021

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Германиянинг “Pecon Trade” команияси ўртасида маҳаллийлаштириш дастури асосида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳокама бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, “Pecon Trade” импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Германиянинг йирик ташкилоти саналади. Шу кунга қадар компания мамлакатимизда шиша маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича катта корхонани мувофаққиятли ишга туширган. Эндиги асосий мақсадлардан бири чарм-пойабзал тармоғи учун зарур бўлган кимёвий моддалар ва хом ашёни тайёрлашдир.

Учрашувда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти бугунги кунда мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди. Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида фикр алмашилди.

Муҳокамалар давомида Германия компанияси вакиллари пойабзал маҳсулотларининг тагликлари учун зарур бўлган махсус елимлар ва мойларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхонани очишни режалаштираётганини маълум қилди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, айни вақтда республикамизга бу каби хом ашёларнинг асосий қисми Хитой ва Туркиядан келтирилади. Агар мазкур мойлар ўзимизда ишлаб чиқарилса, пойабзал таннархи анча арзонлашади.

Бундан ташқари, мулоқотлар давомида Уюшма мутасаддилари мазкур хом ашё нафақат чарм-пойабзал, балки фармацевтика, автомобил саноатида ҳам ишлатилишини қайд этиб ўтдилар. 

Шунингдек, учрашув давомида “Pecon Trade” команияси махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам ўз таклифларини илгари сурди. Хусусан, аутсорсинг асосида Германия брендларининг маҳсулотларини Ўзбекистонда тайёрлаш масаласида мулоқотлар ўтказилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пойабзал ва чарм-атторлик буюмларини Германияга экспорт қилиш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Учрашув сўнгида мазкур мавзулар бўйича, хусусан, инвестициявий лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг амалий ва техник масалаларини ҳал этиш борасидаги келгуси режалар белгилаб олинди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией