(+99871) 2079555

ЎЗБЕКИСТОН-АФҒОНИСТОН: ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ ТАРМОҒИДАГИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ

Чоп этилган сана: 27 Май 2021

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми доирасида ташкиллаштирилган “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси жамоавий стенд билан иштирок этди.
Кўргазмада Уюшмага аъзо 30 дан ортиқ корхоналар жами 300 дан ортиқ турдаги чарм-пойабзал, чарм-атторлик ва мўйначилик маҳсулотларини афғонистонлик тадбиркорлар ва инвесторлар эътиборига тақдим этишди.
Икки кун мобайнида бўлиб ўтган кўргазма ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб олиш учун қулай мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди. Афғонистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал ва чарм-атторлик буюмларга катта қизиқиш билдириб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз билан самарали мулоқотлар олиб борди.


Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикасига мамлакатимиз корхоналари томонидан 2018 йилда атиги 400 минг долларлик пойабзал, чарм-атторлик ва мўйначилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2020 йилда бу борадаги кўрсаткич 2,4 млн. долларни ташкил этган. Икки йилда экспорт кўрсаткичи 5 баробарга ортган. 2021 йилнинг шу кунига қадар 1 млн. долларлик соҳа маҳсулотлари Афғонистонга етказиб берилди. Йил якунига келиб мазкур кўрсаткични 3,1 млн долларга етказиш режалаштирилган. 


Термиз шаҳрида бўлиб ўтган кўргазма эса айни йўналишдаги алоқаларнинг янада кенгайиши ва миллий чарм-пойабзал маҳсулотларимизнинг   Афғонистонга экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Жумладан, Афғонистоннинг “Nooragah Sherifi” компанияси Ўзбекистондан пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларини экспорт қилиниши юзасидан Сурхондарёда жойлашган "Giovanni Sino" корхонаси билан музокаралар ўтказди. Афғонистонлик тадбиркорлар дастлабки босқичда 300 минг долларлик соҳа маҳсулотларини экспорт қилиш таклифини билдирди.


Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси афғонистонлик сармоядорларга юртимизнинг инвестициявий салоҳияти, ишлаб чиқаришга оид имкониятлари ва хом ашё базаси тўғрисида батафсил маълумот берди. Ўзбекистонда иш  бошлаш истагида бўлган инвесторларга яратилган шарт-шароит ва берилаётган имтиёзлар тўғрисида тушунтиришлар олиб борилди. 
Умуман олганда мазкур кўргазма Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг янги босқичини мазмунан бойитиш учун яна бир муҳим амалий қадам бўлди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией