(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

Соҳа корхоналари маҳаллийлаштиришни янада ривожлантириш йўлида

Чоп этилган сана: 08 October 2019

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш. Ахборот коммуникация технологиялари ва қайта тикланувчи энергия манбалари каби юқори технологияли тармоқларни шакллантиришга қизиққан ривожланаётган мамлакатларда ушбу жараён маҳаллий компанияларни рағбатлантириш учун муҳим аргумент сифатида қўлланилади. Ўзбекистоннинг иқтисодий маълумотларида ҳам ушбу атамани тез-тез учратиш мумкин. “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастуридан кенг фойдаланилмоқда.

Сунъий чарм (қоплама учун) - ушбу материалдан юмшоқ мебеллар, автомобил ўриндиқлари, темир йўл вагонлари ва автобусларнинг ўриндиқларини қоплаш учун фойдаланилади. Қадим замонларда ушбу маҳсулот инсоният томонидан кашф этилиб, қимматбаҳо ва таннархи анча қиммат табиий тери билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун ишлатилган. Айнан ушбу материал энди Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг бошидан шу кунга қадар “Фарғона чарм полимер” компанияси томонидан 80 минг кв.метрдан ортиқ сунъий чарм (Қоплама учун) маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Йил оҳирига келиб эса, ушбу кўрсаткични 100 минг кв.метрга етказиш режалаштирилган.

“Данғара сумкалари” МЧЖ корхонаси ҳам маҳаллийлаштириш дастури асосида ўз фаолиятида кўплаб самарали ишларни амалга оширди. Корхона номидан маълумки, гап аёллар сумкаларини ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда. Масъулияти чекланган жамият 2019 йилда 30 минг дона сумка тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бу эса, 520 млн сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишидан далолат. Корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирш даражаси 56%ни ташкил этади. Айни кунда компания жорий йил учун белгиланган режани тўлиқ бажариш мақсадида фаол иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида корхонанинг ишлаб чиқариш конвейерларида умумий қиймати
480 миллион сўм бўлган 24 минг дона сумка ишлаб чиқарилди. Натижада прогноз кўрсаткичлари 166.7%га бажарилди.

Мактаб ва спорт сумкалари ҳамда чемодан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида “Ходжаобод” МЧЖ фаол иш олиб бормоқда. Корхонада мактаб ўқувчиларининг сумкалари, сайёҳлар ва спортчилар учун мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилган. Корхона йил охирига қадар 727 миллион сўмлик 29 минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган.

“SPORT PRODUCTION AND TRADE”МЧЖ маҳаллийлаштириш дастури асосида спорт инвентарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Режага асосан, корхонанинг технологик линияларида 150 млн сўмлик 10 минг дона спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши мўлжалланган. Корхона ишлаб чиқаришни 50% га маҳаллийлаштирган. 2019 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, корхона белгиланган прогноз кўрсаткичларини 14% га ошириб бажарган.

Чарм-пойабзал маҳсулотларини маҳаллийлаштириш дастурида асосий эътибор бутловчи материаллар, хусусан пойабзаллар учун тагликларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган. “ELEGANT SHOES AND” МЧЖ айнан ушбу дастур асосида йилига умумий қиймати 1,36 млрд сўм бўлган 360 минг жуфт ПВХ сифатли пойабзал тагликларини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 40%ни ташкил этади.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастури доирасида Ўзчармсаноат уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан янги ишлаб чиқариш линиялари ўзлаштирилди. Бунинг натижасида, 2019 йил якунларига кўра, умумий қиймати 112 млрд 687 млн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

 

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией