(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

ПОЙАБЗАЛ ТАГЛИКЛАРИ УЧУН ҚОЛИП ВА УСКУНАЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОРХОНА ИШГА ТУШДИ

Чоп этилган сана: 06 November 2019

Бугунги кунда савдо расталарида ҳар биримиз ўз дидимиз ва имкониятларимизга қараб, турли-туман пойабзалларни учратишимиз мумкин. Аммо, ҳар бир истеъмолчи ўзига қулайлик билан бирга, чиройли кўринишга эга ва сифатли пойабзал танлашга уринади.

Мутахассислар эса чиройли ва эркин, енгил юришга одатланишда пойабзалнинг оёққа, об-ҳавога ва мавсумга мослиги муҳим аҳамиятга эгалигини, энг аввало, юриш учун қулай бўлишига эътибор бериш кераклигини айтишади. Айниқса, пойабзал танлашдаги муҳим жиҳатлардан бири унинг таглигидир. Бироқ, шу вақтга қадар маҳаллий корхоналаримиз пойабзал тагликлари учун керак бўладиган қолип ва ускуналарни хориждан импорт қилар эди. Эндиликда тадбиркорларимиз бундай қолип ва технологияларни Фароғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган янги ташкилот “MARWEN” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасидан харид қилишлари мумкин.

 “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти мазкур қўшма корхонада бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш орқали корхона фаолиятини янада кенгайтириш, ички ва ташқи бозорлардаги талаб ва таклифларни ҳисобга олган ҳолда, қолиплар шакллари ва турларини кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, корхонада тайёрланаётган қолиплар, тагликларни ишлаб чиқариш ускуналари ва хом ашёнинг сифати таҳлил қилинди.

Йилига 3000-4000 жуфт пойабзал учун таглик қолипларни ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур қўшма корхонани ташкил этиш учун 1,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди, шундан 800 минг АҚШ долларини Хитойнинг етакчи инвесторлари улуши ташкил этади.

Корхонада ўрнатилган замонавий хорижий дастгоҳларда ишлаб чиқарилган пойабзал тагликлари қолиплари ва ускуналарининг сифати ҳамда яроқлилик муддати юқоридир. Қолип формаларини ясашда узоқ мудатли давр инобатга олинган. Ускуналар универсал бўлиб, турли типдаги пойабзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бир неча хил рангларда пойабзал тагликларини ишлаб чиқариш мумкин. Ушбу дастгоҳлар орқали мижозларнинг буюртмаларини тез ва қисқа муддатда ҳамда сифатли равишда бажариш имкони яратилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бир ойда 300-400 жуфт қолип ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, келгусида бу кўрсаткични янада ошириш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, корхонада пойабзал ва унинг таглигини тайёрлашда ишлатиладиган хом ашё ҳам ишлаб чиқарилади. Тагликлар ва пойабзаллар учун керакли хом ашё термоэластопластлар sebs ва sbs услуби асосида ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, илғор технологик усуллар асосида тайёрланган маҳсулотларнинг қаттиқлиги 25-90+ даражани ташкил этади.

“MARWEN” МЧЖ қўшма корхонаси бу турдаги маҳсулотларни тайёрловчи Ўзбекистондаги ягона ишлаб чиқариш қувватидир. Тайёр пойабзал таглиги қолиплари ва ускуналар билан нафақат Ўзбекистоннинг ички бозорини тўлиқ таъминлаш, балки уларни Марказий Осиё мамлакатларига, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш мўлжалланган.

Корхонада ишлаб чиқарилган пойабзал таглик қолиплари, таглик қуйиш дастгоҳлари, хом ашё юз фоиз импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ҳисобланади. Лоийҳа ташаббускори томонидан 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, хитойлик етук мутахассислар билан ўзаро ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Корхона истиқболда инновацион синфхоналар учун анжомлар, стол-стуллар ишлаб чиқариш, болалар ўйин майдончалари учун керакли жиҳозларни тайёрлаш, шунингдек, автосаноат ва озиқ-овқат соҳаларида ҳам мижозлар талабларидан келиб чиқиб, хом ашё ва жиҳозларни тайёрлашни режалаштирган.

“MARWEN” МЧЖ қўшма корхонаси жорий йилнинг ноябрь ойи бошидан ўз фаолиятини йўлга қўйди ҳамда мамлакатимиздаги йирик хўжалик юритувчи субъектлар билан ўтказилган музокараларда эришилган шартномаларни тизимли асосда ва ўз вақтида бажариш учун дастлабки маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини бошлади.

Ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан илғор хорижий технологияларни самарали жорий этиш орқали ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификациялаш ва экспорт қилинадиган товарларни кенгайтириш асосида жадал ва барқарор ривожланиш учун муҳим замин яратилди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией