(+99871) 2079555

“МЯГКОЕ ЗОЛОТО РОССИИ” КЎРГАЗМАСИДА ЎЗБЕКИСТОН ҚОРАКЎЛЧИЛИК ВА МЎЙНАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ

Чоп этилган сана: 22 April 2021

“Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо, қоракўлчилик ва мўйначилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар Россия Федерациясининг анъанавий мўйначилик маркази – Пятигорскда бўлиб ўтган 4-халқаро “Мягкое Золото России” кўргазмасида иштирок этди.

Кўргазма 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Кўргазмада Ўзбекистон, Россия, Туркия, Греция, Италия, Германия каби 10 дан ортиқ давлатнинг 150 дан зиёд компаниялари мўйна ва чармдан тайёрланган кийимлар, аксессуарлар, хом ашё ва жиҳозларни тақдим этди. Ушбу халқаро анжуман мўйначилик саноатидаги янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, халқаро мўйначилик бозорига кириб бориш, мода янгиликларини ўрганиш учун қулай бизнес майдонидир.


Бу йилги кўргазма эса “Covid-19” пандемияси билан боғлиқ 2020 йилдаги вазиятдан сўнг мўйначилик саноатининг келгуси истиқболларини белгилаб олиш учун муҳим тадбир саналади. Россия, МДҲ, хориж давлатларидан 1 500 мингдан зиёд томошабин ушбу кўргазмада иштирок этди.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳам кўргазмада ўзининг жамоавий стендини намойиш этди. “Made in Uzbekistan” стендида Уюшмага аъзо “Asian Furs”, “Меховая мода” корхоналари ўз маҳсулотларни намойишга қўйди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида Россия ва бошқа давлатлар ишбилармонлари билан мулоқотларга киришди.

Корхоналаримиз Россиянинг “Русская кожа” компанияси билан музокаралар вақтида Россияга “wet-blue” ва шу каби даражаларда ярим тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш бўйича келишувларга эришди. Россия компаниясига намуналар жўнатиладиган бўлди.


Хориж компаниялари томонидан ўзбек қоракўлига катта қизиқиш билдирилди. Россия компаниялари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан қоракўлчилик маҳсулотлари мамлакатимиздан экспорт қилиниши борасида мулоқотларни бошлади. Музокаралар якуни билан доимий етказиб берувчи мақоми билан шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Россия Мўйначилик кенгаши президенти Сергей Столбов Ўзбекистон стендида бўлиб, “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги мўйначилик маҳсулотларининг сифати доимо жаҳонда алоҳида эътироф этилишини таъкидлади. Шунингдек, мода оламида таниқли бўлган дизайнер Игор Гуляев билан ҳам мулоқотлар ўтказилди. Музокаралар вақтида либос яратувчи ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ниятида эканлигини билдирди. Келгуси коллекцияларида айнан ўзбек қоракўлидан фойдаланган холда либослар ва устки кийимлар яратишини билдирди.


Кўргазма доирасида “Мўйначилик тармоғининг ривожланиш истиқболлари ” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот майдонида давлат ташкилотлари билан бирга мўйначилик тармоғининг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган компаниялар ҳам жам бўлишди. Тармоқни ривожлантиришда иқтисодий ва маъмурий кўмакни ошириш масаласи форумнинг бош мавзуси бўлди.

Мазкур кўргазма Ўзбекистоннинг мўйначилик тармоғини яна бир бор хорижликларга тақдим этиш ва янги ҳамкорлар топиш, янги экспорт бозорларини аниқлаб олиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией