(+99871) 2079555

МУҲОКАМА МАРКАЗИДА: ЎЗБЕКИСТОН ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ФРАНЦИЯГА ЭКСПОРТИНИ КЕНГАЙТИРИШ 

Чоп этилган сана: 18 November 2020

“Ўзчармсаноат” уюшмаси, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, “Ўзчармсаноат” уюшмасининг Франциядаги бизнес-маслаҳатчиси Патрик Стенжер ўртасида навбатдаги онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот марказида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларининг Францияга экспорт қилиниши борасида салоҳият ҳамда ҳажмларни ошириш, соҳага Франция сармояларини кенг жалб этиш масалалари бўлди. 
Видеоконференцияда айни вақтда Франция чарм-пойабзал бозори таҳлил қилинди. Ўрганишларга кўра, ҳозирги кунда Францияда чарм маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш бўйича асосан битта йирик оператор, яъни “Bigard” фаолият олиб боради, шунингдек, 30 дан ортиқ компаниялар шуғулланади. Ҳозирги кунда Франция омборларида 1 млн. катта шохли қорамол териси ва 2 млн. қўй териси сақланмоқда. Пандемия билан боғлиқ вазият юмшаши билан бу хом ашёлар ишлаб чиқариш корхоналарига йўналтирилади. Табиийки, бу вақтда Францияда ярим тайёр ва тайёр чармга талаб ортади. Ўзбекистон эса бу фурсатда маҳаллий корхоналарнинг ярим тайёр ва тайёр чармини экспорт қилиш имконига эга бўлади. Бу 2021 йилнинг февраль ойига тўғри келиши кутилмоқда. 


Мулоқотда қайд этилганидек, 2021 йилнинг февралига қадар Ўзбекистон компаниялари ўз маҳсулотларининг тарғиботини Франция компаниялари ўртасида фаол олиб боришлари лозим. Бунда албатта чарм наъмуналарини сифат назоратидан ўтказиш, онлайн кўргазмаларда иштирок этиш, турли қўлланма ва брошюралар чоп этиш фойдадан холи бўлмайди. 
Шунингдек, онлайн учрашувда  Франциянинг дунёга машҳур брендларининг маҳсулотларини Ўзбекистонда франчайзинг ва аутсорсинг асосида ишлаб чиқариш масаласи батафсил муҳокама этилди. Эпедемиологик вазият сабаб айни вақтда дунёда чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қуввати қисқарган. Ўз навбатида бу йўналишда экспорт ва импорт кўрсаткичлари ҳам пасайган. Мутахассисларнинг фикрига кўра соҳа компаниялари нормал иш режимига 2021 йилда ўтиши кутилмоқда. Айни вақтда бу йўналишдаги ҳамкорлик самарали олиб борилиши учун айнан ушбу брендлар вакиллари билан мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳияти, хом ашё базаси тўғрисида онлайн мулоқотлар йўлга қўйилиб, режалаштирилаётган ишларнинг муҳим деталлари муҳокама қилиб олиниши керак. 
Мулоқот сўнгида келгуси онлайн учрашувларда Франциянинг чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик компанияларни таклиф қилган холда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
 

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией