(+99871) 2079555

“MARUBENI” КОМПАНИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДАН ЯРИМ ТАЙЁР ЧАРМ МАҲСУЛОТЛАРИ ХАРИД ҚИЛИШГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРДИ

Чоп этилган сана: 26 Май 2021

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Япониянинг машҳур “Marubeni Corporation” универсал савдо корпорацияси вакиллари ўртасида Ўзбекистондан тайёр ва ярим тайёр чарм маҳсулотларини Европа ва Осиё бозорига экспорт қилиш борасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича мулоқотларнинг дастлабки раунди ўтказилди.
Учрашув аввалида Япония компаниясига “Ўзчармсаноат” уюшмаси фаолияти, унга аъзо корхоналар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари, инвестиция ва экспорт салоҳияти тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда бизнесини бошлаш ва сармоя киритиш истагида бўлган хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш мумкинки, Япониянинг “Marubeni” корпорацияси 1958 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда корпорациянинг 68 та мамлакатда 136 та офиси мавжуд. Шунингдек, 58 та филиал ва ваколатхоналари фаолият олиб боради. Корпорациянинг асосий фаолияти инфраструктура, саноат, ўрмон хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва энергетика каби тармоқларга қаратилган.


“Marubeni”нинг Германиядаги офиси эса айнан чарм-пойабзал маҳсулотлари учун керакли хом ашё базасини етказиб бериш ва тайёр чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 
Корпорациянинг МДҲ давлатларида 4 та компанияси ва 8 та офиси мавжуд. 1994 йилда Тошкентда компаниянинг офиси очилган. Ўзбекистонда  нефт-кимё, қурилиш, текстиль, тоғ-кон саноати учун ускуналар етказиб бериш билан шуғулланади. Шунингдек, лабораториялар ва ўқув марказлари учун жиҳозлар етказиб беради. 
Айни вақтда корпорациянинг хитойлик ҳамкорлари тайёр чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Хитойга хом ашё етказиб бериш билан эса корпорациянинг Германиядаги офиси шуғулланади. Айнан ташкилотнинг Гамбургдаги офиси Ўзбекистон тарафидан экспорт қилинадиган ярим тайёр чарм (“wet blue”) маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдирмоқда.
Учрашувда ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари мамлакатимиздан йирик шохли мол терисидан “wet blue”  кўринишидаги чарм Германия ва Хитойга экспорт қилиниши мақсадида “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо чарм ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини билдиришди.


“Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти япон томонига бугунги кунда мамлакатимизда айнан тери хом ашёсини қайта ишлаш ва тайёр чарм маҳсулотини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот беришди. Уюшмага аъзо корхоналар томонидан 2020 йилда 1 261 млн. кв. дм тери хом ашёси қайта ишланиб, тайёр чарм олинган. Келгусида нафақат мамлакатимизда ҳосил бўлаётган хом ашёни, балки бутун МДҲ давлатларининг 49,1 млн. дона майда ва йирик шохли мол териларини қайта ишлаш имконига эга бўлиш режалаштирилган. 
Учрашувда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш доирасида инновацион дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш ва ривожлантиришда иштирок этиш юзасидан Уюшма томони таклифлари ҳам билдирилди. 
Шунингдек, соҳа йўналишлари кесимида экологик жиҳатдан самарали лойиҳаларда, уларни амалга ошириш имконини берадиган сўнгги технологиялар танланишида ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши, шу жумладан, чарм-пойабзал тармоғи корхоналаридаги тозалаш иншоатлари учун инновацион технологиялар жорий қилиниши билан боғлиқ тегишли муҳим жараёнларда мазкур компания томонидан иштирок этилиши ва кўмак берилиши хусусида ҳам фикр алмашилди. 
Учрашув давомида чарм-пойабзал саноати фаолиятига тааллуқли бўлган технопаркларни, шу жумладан, ўқув-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш борасида ҳамкорликлар бўйича таклифлар ҳам Уюшма томонидан илгари сурилди.
Уюшма томонидан соҳа фаолиятига тегишли бўлган, дунё стандартларига мувофиқлиги бўйича халқаро майдонда муваффақиятли тан олинган ва Японияда қўлланиб келинадиган сертификатларни Ўзбекистонда жорий қилиш учун биргаликдаги ишларни йўлга қўйиш масаласида ҳам мазкур корпорация вакилларига таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотларнинг навбатдаги раундида Германиядаги мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилган ҳолда бу борадаги ҳамкорликнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилишга келишиб олишди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией