(+99871) 2079555

ХАЛҚАРО САНОАТ ҲАФТАЛИГИ - ИМКОНИЯТЛАР НАМОЙИШИ

Чоп этилган сана: 06 April 2021

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “INNOPROM” -катта халқаро саноат ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Саноат, ишлаб чиқариш имкониятлари ва ютуқларини намойиш этаётган мазкур анжуманда Ўзбекистон ҳамда Россиянинг бизнес вакиллари билан бир қаторда Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Франция, Германия, Чехия ва Япония каби дунёнинг 20 мамлакатидан 300 дан ортик йирик саноат корхоналари ва компаниялари иштирок этмоқда. Кўргазманинг умумий майдони 12,5 минг квадрат метрни ташкил этади. Кўргазма дастури доирасида 15 га яқин кенг қамровли тадбирлар ва 200 дан ортиқ бизнес-учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу кўргазма доирасида икки томонлама саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, янги имкониятлар ва истиқболларни белгилаб олиш, биргаликда янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш бўйича ўзаро мулоқотлар ва музокаралар олиб борилади.


Анъанага мувофиқ “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳам ушбу кўргазмада ўзининг жамоавий стенди билан иштирок этмоқда. Экспозициядан уюшмага аъзо 25 дан ортиқ корхонанинг 200 дан зиёд турдаги маҳсулотлари ўрин олган. Маҳаллий корхоналаримиз нафақат тайёр чарм, пойабзал, чарм-атторлик ва мўйна маҳсулотларини намойиш этмоқда балки, маҳалийлаштириш дастури доирасида ўзимизда ишлаб чиқарилаётган жундан тайёрланган маҳсулотлар, полиуретан, ланолин, автомобил ўриндиқлари учун чармдан тайёрланган қопламалар ҳам хорижлик ҳамкорларга тақдим этилмоқда.

Кўргазма ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги экспортчи ҳаридорларни топишга катта имкон яратди. “Ўзчармсаноат” уюшмаси Россиянинг “Барс” пойабзал фабрикаси билан хом ашё ва тайёр пойабзалларни Россияга экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борди.


“Барс” пойабзал фабрикаси Россиянинг энг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бири саналади. Асосан, “EVA” хом ашёсидан махсус пойабзаллар тайёрлаш билан шуғулланади. Йилига 800 минг жуфт тайёр махсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу маҳсулотлар нафақат Россияда балки МДҲда ҳам талабгир саналади.

Мулоқотларда компания вакиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган махсус пойабзалларнинг сифати юқори эканлиги ва тан нарх жиҳатдан хориж бозорига мос келишини қайд этди. “Барс” пойабзал фабрикаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз (KFK, Ulug`bek-Trade МЧЖ, Go`zal бизнес МЧЖ) билан юзма-юз муҳокамаларда мамлакатимиздан айнан махсус пойабзалларни экспорт қилиш ва пойабзал устки қисмларини етказиб бериш масаласида фикр алмашди. Маҳаллий корхоналар томонидан фабрикага тез фурсатда наъмуналар етказилади. Сифат назоратлари якунлангач корхоналар ўртасида экспорт шартномалари имзоланади.


Россия билан чарм-пойабзал соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқалар йилдан йилга кенгайиб ривожланиб бормоқда. Россиянинг машҳур брендлари ҳам Ўзбекистонда ўз бизнесларини йўлга қўйишга катта қизиқиш билдиришмоқда. Жумладан, Россиянинг 300 дан ортиқ шаҳарларида 1 500 дан зиёд савдо дўконларига эга “Kari” компанияси ҳам мамлакатимизда ушбу бренд остида ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити ҳамда хорижий сармоядорларга давлат томонидан кўрсатилаётган амалий кўмак натижасида бир йил мобайнида заводни ишга тушириш мақсад қилинди.

Ўзбекистонда очиладиган заводда биринчи босқичда 10 млн. жуфт пойабзал ишлаб чиқарилиши ва юз фоиз экспортга йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Корхона тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига бунёд этилади. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Корхонани ишга тушириш жараёнлари билан бир пайтда параллел равишда маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, маҳоратли дизайнер ва усталар жалб этилади. Халқаро компания вакиллари заводда нафақат табиий чармдан, балки, сифатли сунъий чармдан “классик” ва “спорт” туркумидаги пойабзалларини ишлаб чиқариш ҳам мақсад қилган. Корхонага энг замонавий ускуналар ва технологиялар олиб келинади.


Шунингдек, асли Ҳиндистонлик “SOLAR” МЖЧ бош директори А.Чакрапани ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр чарм ва спорт товарларига қизиқиш билдирди. Мулоқотларда хорижий компания вакиллари мамлакатимиздан спорт товарлари яъни коптокларни Россия ва Ҳиндистонга экспорт қилишни мақсад қилаётганини билдирди. Маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилган тайёр чармни Ҳиндистонга экспорт қилиш масаласи ҳам музокараларда атрофлича муҳокама этилди. Бугунги кунда Ҳиндистонда чармга бўлган талаб ошиб бормоқда. Ишлаб чиқариш кенгаймоқда. Шу боис сифатли ва тан-нархи мақбул чармга талаб юқори бўлмоқда. Бу борада эса Ўзбекистондан ушбу компанияга энг мақбул таклифлар берилди. Умуман олганда компания раҳбари мамлакатимиз чарм-пойабзал маҳсулотларининг сифатини юқори баҳолаб маҳаллий корхоналар билан дастлабки келишувларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.

Кўргазма доирасида яна кўплаб хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ва экспорт келишувларга эришиш бўйича мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Қайд этиш керак, “INNOPROM” саноат ҳафталиги халқаро иқтисодчилар томонидан Ўзбекистон учун Россия ва хориж давлатлари бозорига киришнинг бошланғич нуқтаси дея эътироф этилади.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией