(+99871) 2079555

ЯПОНИЯ ЎЗБЕКИСТОНДА ПОЙАБЗАЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА ҚЎШМА ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА 

Чоп этилган сана: 17 Май 2021

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳамда “SCOTCH GRAIN” компаниси президенти Масаказу Хирокаво, “Marquess” компанияси раҳбари Сёдзи Кавагучи, “Yohei Fukuda” компанияси асосчиси Йохей Фукудо билан учрашув бўлиб ўтди. Икки давлат ўртасида иқтисодий дипломатияни янада кенгайтириш, мамлакатимизга Япония сармоясини фаол жалб этиш ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар билан ҳамкорликда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Учрашув давомида компаниялар раҳбарларига Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатининг инвестициявий салоҳияти, тармоқнинг ривожланиш тенденциялари ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшасининг фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилди. 

Маълумот учун: “Marquess” ва “Yohei Fukuda” компаниялари қўл меҳнати ёрдамида юқори сифатга эга пойабзаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Пойабзаллар учун асосан Европанинг сифатли материалларидан фойдаланилади. Пойабзаллар, буюртмага қараб, синовдан ўтган анъанавий тикув усулларида тайёрланади.

“Scotch Grain” компанияси 1964 йилда ташкил этилган. Асосан кундалик ҳаётда фойдаланиш учун мўлжалланган пойабзаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, бунда юқори сифатли хом ашё ва япон технологияларидан фойдаланилади. Компания “Пойабзал – бу кунлик ҳаёт воситаси” шиори остида иш олиб боради. Компания “Goodyear welted” технологияси асосида пойабзалларни ишлаб чиқаради. Бу эса оёқ кийимнинг қулайлиги ва сифатини оширади. Шунингдек, ушбу технология ёрдамида ишлаб чиқарилган пойабзаллар таъмирдан сўнг ҳам ўз сифати ва кўринишини йўқотмайди. Ишлаб чиқариш жараёни битта корхонанинг ўзида амалга оширилади.

“Marquess” ва “Yohei Fukuda” компанияси раҳбарлари Ўзбекистондаги чарм-пойабзал соҳасидаги корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Шунингдек, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганликларини билдириб ўтишди. Бундан ташқари, ўзбек пойабзаллари ва тайёр чарм маҳсулотларини Японияга етказиб бериш борасида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Япония корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга, бу борада мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Қайд этиш керак, айни вақтда маҳаллий корхоналаримизнинг чарм-пойабзал маҳсулотларининг наъмуналари Японияга жўнатилган.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией