“ЎЗБЕКЧАРМПОЙАБЗАЛИ” УЮШМАСИ — Интерактив хизмат

Интерактив хизмат

Home / Интерактив хизмат

«ЎЗБЕКЧАРМПОЙАБЗАЛИ»  УЮШМАСИДА ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА

НИЗОМ

“ЎЗБЕКЧАРМПОЙАБЗАЛИ” УЮШМАСИДА ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА 

НИЗОМ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва у “Ўзбекчармпойабзали” уюшмасида (кейинги ўринларда уюшма деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.
  2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;
таклиф — уюшма фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;
шикоят — бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;
аноним мурожаат — жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;
мурожаатнинг дубликати — айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;
такрорий мурожаат — аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;
электрон мурожаат — электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.

  1. Уюшмага мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.

Уюшманинг расмий веб-сайти орқали ёки уюшманинг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

  1. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

  1. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
  2. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

  1. Уюшмада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш қуйидаги келтирилган Низом асосида амалга оширилади.

Мурожаатларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш ишлари уюшма иш юритувчиси томонидан амалга оширилади.
Мурожаатларда баён қилинган масалаларни ўрганиб чиқиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни имзолаш учун уюшма Бошқарув раисига киритиш уюшма иш юритувчиси зиммасига юкланади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш тааллуқлилиги бўйича уюшма таркибий бўлинмалари зиммасига юкланади. Маълум давр (чораклар, йил) мобайнида уюшмага келиб тушган мурожаатларни умумлаштириш ва улар бўйича ҳисобот тайёрлаш масъул шахс томонидан амалга оширилади.
Мурожаатларнинг ўз вақтида қабул қилиниши, рўйхатга олиниши ва ижро учун юборилиши, шунингдек уларнинг кўриб чиқилиши ва мурожаатларда кўрсатилган масалалар юзасидан тегишли ишларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг юритиш уюшманинг ижро интизомини назорат қилувчи  мутахассиси томонидан амалга оширилади.

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

  1. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан рўйхатга олинади. Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган мансабдор шахс ёки уюшма таркибий бўлинмаси номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.
Қайд этиш штампида уюшманинг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.
Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

  1. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.

Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда, икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири уюшма канцеляриясида қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.
Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.

  1. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари уюшманинг тегишли таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.

  1. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари уюшмага оғзаки мурожаат этишганда, улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.
  2. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай уюшма Бошқарув раисига ёки унинг ўринбосарига киритилади, у масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.
  3. Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган мутахассис ёки таркибий бўлинмага имзо қўйдирган ҳолда берилади.
  4. Уюшмага келиб тушган мурожаатлар уюшманинг иш юритувига қабул қилиниши, уюшма таркибидаги корхоналар ва ташкилотларга юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларига юборилиши мумкин.
  5. Қўйилган масалаларни ҳал этиш уюшма ваколати доирасига кирмайдиган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа органларга жўнатиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асосланган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

  1. Уюшма таркибидаги ташкилотлар ва корхоналар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.
  2. Агар мурожаатда бир неча таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган мутахассис ёки таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.

Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда, мурожаатни кўриб чиқувчи мутахассис ёки таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек уюшманинг ваколатлари доирасида — белгиланган тартибда давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

  1. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқилиши таъминланиши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари топшириғи ва буйруғи асосида амалга оширилади.
  2. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда, уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари имзоси билан мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида хат юборилади.
  3. Агар мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун уюшма томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.
  4. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун уюшма томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.
  5. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича уюшма томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари қабул қилади.
Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормалари билан асосланган ҳолда) бўлиши керак.

  1. Мурожаатга жавоб хати уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

  1. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
  2. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.

Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўйилади.
Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.

  1. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.

  1. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар ёки мансабдор шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.
  2. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар берилади.
  3. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат уюшма хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза уюшма томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

  1. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатлар билан ишлаган таркибий бўлинмаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ МУДДАТЛАРИ

  1. Мазмуни бўйича уюшма томонидан ҳал этилиши мажбурий бўлган ариза ёки шикоят келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

  1. Таклиф уюшмага келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
  2. Айрим ҳолларда уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин
  3. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар уюшмага келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРМАЙ ҚОЛДИРИШ

  1. Уюшма томонидан қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар — уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

  1. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул шахс ёки таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Мурожаат аноним деб эътироф этилганда, бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса мурожаатлар билан ишловчи масъул шахс ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тайёрланади ҳамда уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади.
Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

  1. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, масъул шахс ёки таркибий бўлим уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул шахс ёки таркибий бўлим раҳбари томонидан хулоса тузилади ҳамда уюшма Бошқарув раиси ўринбосари томонидан тасдиқланади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ВАКИЛЛАРИНИ ҚАБУЛҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

  1. Уюшмада белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг юридик вакилларини қабул қилиш уюшма Бошқарув раиси  ёхуд унинг ўринбосари томонидан амалга оширилади. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари уюшма Бошқарув раиси томонидан тасдиқланган жадвалга асосан қабул қилинади.

  1. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби уюшманинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса — ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

  1. Уюшмада жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш масъул шахслар ёки тегишли таркибий бўлинма ходимлари иштирокида амалга оширилади. Уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари кўрсатмаси бўйича бошқа ходимлар ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.
  2. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш уюшма ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.
  3. Уюшма Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари, бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин. Сайёр шахсий қабуллар вақтида масъул ходимлар иштирок этиши мумкин. Сайёр шахсий қабуллар уюшма Бошқарув раиси томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади. Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.
  4. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 40-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
  5. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШДА
ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА
УЮШМАНИНГ
  МАЖБУРИЯТЛАРИ

  1. Мурожаат уюшма томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

  1. Уюшманинг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:

жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, уюшма ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаш;
мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиш, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилишга мажбурдирлар.
Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган уюшманинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

МУРОЖААТЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ.
МУРОЖААТЛАРНИ УМУМЛАШТИРИШ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ

  1. Уюшманинг ижро интизоми бўйича масъул мутахассиси томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилинади ва унинг мониторинги олиб борилади, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўрилади, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби бузилиши тўғрисида уюшма Бош директорини дарҳол хабардор қилади.

Уюшманинг ижро интизоми бўйича масъул мутахассиси мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда уюшма Бош директорига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган уюшма ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

  1. Уюшманинг ижро интизоми бўйича масъул мутахассиси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек уюшма ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.

Таҳлил натижалари бўйича уюшма Бошқарув раисига уюшмада мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек уюшма ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ МУДДАТЛАРИ
ВА ТАРТИБИ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

  1. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
  2. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик уюшма Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарига, мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул шахслар ва тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларига юкланади.


Бизга мурожат килинг

Если у вас есть вопросы то вы может отправить нам быстрое сообщения