(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

ЎЗБЕК ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛИ БУЮК БРИТАНИЯ БОЗОРИГА ЙЎЛ ОЛМОҚДА

Post date: 12 February 2020

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида  бўлиб ўтаётган “Pure London” ва “Pure origin” мода либослари, пойабзал ва аксессуарлар халқаро анжуманида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ташаббуси билан “Ўзчармсаноат”, “Енгилсаноат”, "Ҳунарманд" ва "Ўзбекипаксаноат" уюшмалари  иштирок этмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли маҳсулотларни намойиш майдони  марказдаги 83 квадрат метр жойни банд қилган. Халқаро кўргазмада 1300 дан ортиқ мода оламидаги нуфузли брендлар қаторида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам ўз дизайнерлик ишлари ҳамда сифатли маҳсулотлари билан  қатнашмоқда. Хусусан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси бошчилигидаги делегация тақдимотларда фаол иштирок этилди. Чарм-пойабзал тармоғи учун янги бозорлар топиш ва экспорт масалаларини хорижий ҳамкорлар билан айнан ушбу майдонда батафсил муҳокама қилди.

Дунёнинг турли бурчакларидан келган корхоналарга ва инвесторларга миллий брендимизни танитиш мақсадда тақдимотлар, B2B  учрашувлар ташкил этилди.  Унда чет-эллик корхоналар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати ва мамлакатимиздаги инвестицион муҳит хақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишди.

Хусусан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси дунёнинг етакчи компаниялари вакиллари билан мулоқотларга киришиб, янги ҳамкорлик алоқларини йўлга қўймоқда. Жумладан, кўргазма доирасида уюшма раҳбари Халқаро чарм ишлаб чиқарувчилар кенгаши бош котиби, Буюк Британия чарм федерацияси директори Пол Пирсон билан учрашди.

Қайд этиш керак, П.Пирсон бошчилик қиладиган халқаро ташкилот 2018 йилдан буён “Ўзчармсаноат” уюшмаси  билан яқин муносабатларни йўлга қўйган. Ўзбекистон чарм-пойабзал тармоғини янада ривожлантириш бўйича мунтазам ҳамкорлик алоқларини олиб бормоқда. Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган соҳага оид кўргазмаларда иштирок этиб,  маҳсулотлар сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тармоққа тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида амалий кўмак кўрсатиб келмоқда. Айнан Лондондаги кўргазмада ҳам П.Пирсон уюшма раиси билан учрашиб Ўзбекистонда тармоқ учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, экспорт кўрсаткичини янада ошириш масаласини муҳокама этди. Халқаро чарм ишлаб чиқарувчилар кенгаши бош котиби тайёр ва ярим тайёр чарм, ҳамда пойабзал, чарм-атторлик буюмларини Буюк Британияга экспорт қилиш масаласида уюшмага яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди. Бу борада Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар  хусусан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Европа стандартларига мослаштириш лозимлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Кўргазма доирасида 100 йиллик тарихга эга “SATRA”  компанияси вакили билан ҳам музокара олиб борилди. Қайд этиш керак, ушбу ташкилот чарм-пойабзал маҳсулотларини халқаро синовдан ўтказиш ва сертификат тақдим этиш билан шуғулланади. Компанияга аъзо корхоналар тегишли сертификатларни қўлга киритгач, дунёнинг исталган бозорига йўл олади.

 Муҳокамада “Ўзчармсаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини синовдан ўтказиш ва уларга тегишли хулосалар бериш бўйича икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш масаласида фикр алмашилди. “SATRA” компанияси вакиллари мулоқотда маҳаллий корхоналаримиз ва Тошкент енгилсаноат ва тўқимачилик институти талабалари  учун махсус ўқув тренингларини ташкил этиш ва кадрлар малакасини оширишга кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдиришди.

Лондондадаги кўргазмада иштирок этаётган “Wanessawu” компанияси ҳам чарм-пойабзал маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирди. Мазкур компания Францияда жойлашган бўлиб, йирик пойабзал ишлаб чиқарувчи ташкилот саналади. “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси билан мулоқотда компания вакили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сифати юқори эканлигини қайд этиб, ҳамкорликда янги қўшма корхоналар очиш бўйича режаларини муҳокама этди. Бунинг учун компания вакили мулоқотларга киришишга тайёр эканлигини билдирди.

“DiDiCreationos”  компанияси вакиллари ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг маҳсулотлари билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик масалаларини “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти билан муҳокама этди. Уюшма раиси  компания вакилига мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва берилаётган имтиёз ҳамда преференциялар тўғрисида батафсил маълумот берди. Компания вакиллари асосан сумкалар ва аксессуарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шу боисдан “DiDiCreationos”   Ўзбекистонда  ҳамкорликда аёллар сумкаси ва эркаклар сандалларини ишлаб чиқариш истагини билдирди. Бу ҳамкорлик дунё бозорига чиқувчи маҳсулотларнинг сонини янада ошириши қайд этилди.

Кўргазма доирасидаги чет-эл компаниялари билан бўлиб ўтган учрашувларда мазкур йирик ташкилотлар билан  Франчайзинг асосида, яьни  хорижнинг нуфузли брендларини жамлаган компанияларнинг технология, дизайнлари ва бозорларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда янги қўшма корхоналарни ташкил этиш масалалари буйича музокаралар  олиб борилди.  Кўплаб чет-эл корхоналари бу борадаги ҳамкорликка тайёр эканлигини билдиришди.

Бирлашган Араб Амирлигининг “Genttman” компанияси вакиллари эса Ўзбекистондаги қулай инвестицион муҳит ва бизнес учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, эркаклар ва аёллар пойабзалларини ишлаб чиқариш бўйича янги корхона ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилишди.

“Pure London” ва “Pure origin” мода либослари кўргазмаси, пойабзал ва аксессуарлар халқаро анжуманида “Ўзчармсаноат” уюшмаси кўплаб хорижий инвесторлар ва экспортёрлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Дастлабки келишувлар эса ўз натижасини тез фурсатда кўрсатади.

           

           

           

 

 

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией